The Blog

“Ватандош” жамияти жаноза хизматларини йўлга қўйди

“Миллатнинг маданиятини унинг марҳумларига бўлган ҳурматидан кўрса бўлади”,  деган экан донишмандлардан бири. Ватандош жамияти ўтганлар ҳурматини жойига қўйиш мақсадида яна бир хайрли ишга қўл урганини маълум қилади.

Йиллар давомида АҚШда истиқомат қилувчи юртдошларимиз орасида вафот этганларни милий ва диний урф-одатларимиз асосида охират манзилига элтиш катта муаммолардан бири бўлиб келаётган эди.  Чунки шу пайтгача маййитга жаноза ўқиш ва шунга алоқадор бошқа дафн маросимларини ўтказиш  бўйича Америкадаги ватандошларимизга ёрдам кўрсатадиган бир хизмат йўлга қўйилган эмас.  Худди шу масала бўйича мавжуд катта эҳтиёж ва талабдан келиб чиққан ҳолда,  “Ватандош” жамияти Америкадаги юртдошларимиз учун жаноза хизматларини йўлга қўйишга қарор қилди.

Funeral-featured

Ажал ҳеч ким қочиб қутила олмаган тақдири азалнинг ҳукми экан,  уни кундалик ташвишлар билан унутиб,  хаёлдан йироқ,  ҳаётдан бегона қилмасдан,  балки унга тириклик чоғидан тайёргарлик кўриб бориш ақли расо кишининг ишидир. Зотан, ўлими учун тириклигидаёқ кафанини тайёрлаб қўйиш азалдан халқимизга хос одат бўлган.

Биз ташкил этган жаноза хизматлари маййитни АҚШнинг ўзида кўмиш ёки Ўзбекистонга юбориш ишларини сизнинг номингиздан амалга оширади. Маййитни кўмиш маҳаллий дафн маросимларини ўтказувчи идоралар (funeral house) билан шартнома тузиш орқали амалга оширилади.  “Ватандош” жамияти номидан тузиладиган бу шартномаларнинг якка шахслар томонидан амалга ошириладиган келишувга нисбатан анча арзонга тушишини таъкидлаб ўтишимиз керак.  Шунинг учун яқинлари бошига ўлим мусибати тушган ватандошларимиздан жамиятимиз ташкил этган ушбу хизматга мурожаат этишларини сўраб қоламиз.

Аввало,  Худо ҳаммамизга узоқ умр берсин.  Лекин ҳамюртларимиз орасидан кимнингки бошига ўлим мусибати тушса,  биз уларнинг дардига шерик бўлиб,  ёнларида турамиз.  Жанозани жойидан олиш,  уни ювиш,  масжидга олиб бориб жаноза намозини ўқиш,  жаноза намозини бошқаларга ҳам эшиттириш (бунинг учун махсус телефон орқали жамият аъзоларига ва биз билган барча ватандошларимизга жаноза вақти ва жойи эълон қилинади),  қабристонга олиб бориб кўмиш,  агар Ўзбекистонга юбориладиган бўлса,  жўнатишга оид консуллик билан қилинадиган ҳужжат ва ташкилий ишларни бажариш каби вазифаларни ўз зиммамизга оламиз.

Шундай хизматларга эҳтиёжи бор ватандошларимиз бугундан бошлаб 212-372-3050 телефон рақамига қўнғироқ қилишлари мумкин.

Аллоҳ барчамизни бевақт қазодан асрасин.

Фарҳод СУЛТОН

Comments