The Blog

(Ўзбекча) “Vatandosh” Вашингтонга ташриф буюрди

“Vatandosh” Ўзбек-Америка жамияти олдидаги муҳим мақсадлардан бири Америкага келган ҳамюртларимизнинг ушбу мамлакат жамиятига мослашувига кўмаклашишдан иборат.

Шу мақсадда ўтган йили октябрь ойида Америкага янги келган ватандошларимиз учун инглиз тили курсларини ташкил этган эдик.  Яқинда ушбу тил курсларини муваффақиятли тамомлаган талабалар учун битирув гувоҳномаларини тақдим этиш маросимини ўтказишни режалаштирдик.

Шу режа доирасида 19 апрель куни 20 га яқин талаба,  уларнинг оила аъзолари ҳамда жамият фаоллари ва бошқа ватандошларимиз билан Вашингтон шаҳрига саёҳат уюштирдик.  Ушбу саёҳатимиздан асосий мақсад талабаларимиз учун битирув маросимини элчихонамиз ёрдамида ўтказиш эди.

Саёҳатимиз 4 босқчидан иборат бўлди.

Элчихонадаги тадбир

Сафаримизни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасидан бошладик.  Бу ерда бизни элчихона ходимлари очиқ юз билан кутиб олди.  Элчининг биринчи котиби Фурқат Сиддиқов ўқувчиларимизни элчихона фаолияти билан таништириб,  сўнг ҳар бир ўқувчига битирув гувоҳномасини тақдим этди.

"Vatandosh" тил курсларининг илк битирувчилари

Жамиятимиз фаолиятининг бардавомлиги ва тил курсларимизнинг муваффақияти учун тилакдош бўлган элчи жаноблари Бахтиёр Ғуломов ва элчининг биринчи котиби Фурқат Сиддиқовга жамиятимиз аъзолари ва тил курси ўқувчиларимиз номидан ташаккур билдирамиз.

Оқ уйга саёҳат

Элчихонада сертификат топшириш маросими якунлангандан сўнг,  АҚШ президентининг қароргоҳи бўлмиш Оқ уйга қараб йўл олдик.  Бу ерга қилинган қисқа саёҳат ҳам мароқли ва эсда қоларли бўлди.  Оқ уй олдида эсдалик учун расмларга тушдик.  Сўнг АҚШ Конгрессини зиёрат қилишга отландик.

Оқ уй олдида

Конгресс биносига ташриф

Вашингтонга ташриф буюриб,  Сенат ва Вакиллар палатасидан иборат АҚШ қонунчилик органи – Конгресс биносини кўрмасдан кетишнинг имкони йўқ эди.  Унинг виқорли кўриниши Вашингтонга ўзгача кўрк бағишлаб,  бутун дунёдан келган сайёҳларни ўзига ром этади.

АҚШ Конгресси - сайёҳларни ўзига энг кўп жалб этувчи бинолардан бири

Ушбу саёҳат асносида ватандошларимизга АҚШ Конгресси тарихи ва фаолияти ҳақида қисқача сўзлаб бериш имкониятига ҳам эга бўлдик.

Ватандошлар “Америка Овози”да

АҚШ Конгрессидан пиёда юриб бориш мумкин бўлган узоқликда “Америка овози” телерадиоканалининг биноси жойлашган.  “Америка овози” ҳукумат томонидан молияланадиган халқаро телерадио тизим бўлиб,  43 тилда,  жумладан,  ўзбек тилида ҳам эфирга чиқади.

1950 йиллар охирида вужудга келган ва 1973 йилдан бери мунтазам равишда ишлаб келаётган ўзбек хизмати Вашингтонда олти кишилик таҳририятга эга.  Сафаримиз давомида биз “Америка овози” ўзбек хизмати фаолияти ва ходимлари билан танишиш имконига эга бўлдик.

"Америка овози" ўзбек хизмати жойлашган бинода

Бизни очиқ юз билан кутиб олган “Америка овози” ходимлари – ватандошларимиз Навбаҳор Имамова ва Шоҳруҳ Ҳамро гуруҳимиз аъзолари учун Америка овози биноси,  студиялари ва ишлаш жойлари бўйлаб кичик экскурсия ташкил қилиб берди.  Хизматнинг кундалик фаолияти ва иш тартиби ҳақида тасаввурга эга бўлдик.

Навбаҳор Имамова,  шунингдек,  ўзбек хизматининг “Америка овози”да тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида алоҳида сўзлаб  берди.

"Қайдасан Нью-Йорк" дея ортга қайтиш учун автобусга чиқиш арафасидамиз

Шу билан Вашингтонга уюштирилган бир кунлик сафаримиз ўз ниҳоясига етиб,  кечга яқин яна автобусимизда минган ҳолда “Нью-Йорк қайдасан” деб йўлга чиқдик.

Сафаримизнинг мароқли ва сермаҳсул ўтгани ҳар бир ватандошимизнинг юзидаги ҳорғин табассумдан маълум эди.

Сафарга оид барча суратларни билан “Facebook”даги саҳафамиздан кўришингиз мумкин.

Фарҳод СУЛТОН

Comments